Уч шохли нерв невралгияси ҳақида
Блог им. ibadullaevУч шохли нерв невралгияси – юзнинг бир томонида ўткир хуружсимон оғриқлар билан намоён бўлувчи касаллик. Уч шохли нерв невралгияси кўп учрайдиган касалликлар сирасига киради. Касалланиш даражаси 100 000 аҳоли сонига йилига 4 кишини ташкил қилади. Касаллик, асосан, ёши катталарда, яъни 40–60 ёшлар орасида кўп учрайди. Уч шохли нерв невралгияси, кўпинча, юзнинг ўнг томонида (70 %), кам ҳолатларда юзнинг чап томонида (30 %) кузатилади.
Сабаблари. Уч шохли невралгиясининг асосий сабаби – вирусли инфекциялар ёки ҳалқ тил билан айтганда “шамоллашлар” ҳисобланади. Шунингдек, бурун атрофи бўшлиқлари шамоллашлари (гайморит, фронтит) ва тиш касалликларидан сўнг ҳам кўпчиликда невралгия ривожланади. Уч шохли нерв чиқадиган жойда бош қон томирлари ҳам чиқади. Агарда ушбу патологик тарзда ўзгарган қон томир уч шохли нервни босиб қўйса ҳам невралгия ривожланади. Артериянинг патологик чўзилиши ва шу сабабли уч шохли нервнинг босилиб қолиши узоқ давом этадиган артериал гипертензия (ҳафақон касаллиги) билан боғлиқ. Қандли диабет билан касалланганлар ва узоқ йиллар спиртли ичимликлар истъемол қилганларда ҳам уч шохли нерв невралгияси учраб туради.